Ilmiy maqolalar

Соғлом турмуш тарзини талабаларда шакллантириш





П.Б.Ҳайдарова, Д.Р. Абдуллаева, Н.Маннопова

 

Ўзбекистон Республикаси  Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг раҳбарлиги остида ва ташаббуси билан “Ўзбекистон  Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси” тўғрисидаги фармони, мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверинитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, давлатимиз чегаралари даҳлсизлигини, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, миллатлар аро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш учун  муҳим пойдевор бўлди, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт –шароитлар яратди. Мазкур ғоя шарофати билан давлат миқёсида босқичма-босқич мақсадга йўналтирилган тадбирлар ўтказилмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳасини кенг муҳокама қилиш давомида келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда, 2017 йил учун мўлжалланган иқтисодий ва ижтимоий дастурнинг ўн битта энг муҳим устувор вазифасини белгилашни таклиф президент томонидан таклиф этилди. Энг асосий устувор вазифа – «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурини амалга ошириш, «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга тадбиқ этишдан иборат[1].

 Фаол   ҳаракат билан боғлиқ хаёт кечириш, чиниқиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш - соғлом турмуш тарзининг мухим омиллари.  Инсоннинг соғлом турмуш кечиришида фаол ҳаракат, яъни чиниқиш асосий ўринни эгаллайди. Шунинг учун ҳозирги вақтда мактаб, коллеж ва  лицейларда ўқувчиларда, шунингдек Олий ўқув юртлари талабаларида  соғлом турмуш тарзини шакллантиришга асосий эътибор қаратилган.

 Ҳозирги вақтда ўлим ҳолатининг тўртдан уч қисми юрак-қон томир, ўсма, респиратор касалликлар ва жигар церрозига тўғри келади. Бу гуруҳ касалликларнинг шаклланишида яшаш муҳити ва турмуш тарзи, хавф омиллари муҳим роль ўйнайди.

Хавфли омиллар (risk factors) — инсон саломатлигига хавф туғдирувчи, касалликларнинг келиб чиқиши, ривожланишига таъсир этувчи, ёмон оқибатларга олиб келувчи биологик, генетик, экологик, ижтимоий характерга эга бўлган, ташқи муҳит, ишлаб чиқариш шароити, турмуш тарзи билан боғлиқ бўлган омиллар гуруҳидир.

Талабалар учун соғлом турмуш тарзини шакллантириш хавфли омилларни олдини олиш учун хизмат қилади. Хўш соғлом турмуш тарзи  ўзи нима?

“Соғлом турмуш тарзи” - инсонларнинг ўз саломатлигини сақлаш, мустаҳкамлашга қаратилган фаолиятдир.

Соғлом турмуш тарзи – инсон турмуш шароитларини фаол ўзлаштириш усули бўлиб, кун тартибига риоя қилиш, фаол ҳаракат асосида организмни чиниқтириш, спорт билан шуғулланиш, тўла ва сифатли овқатланиш, овқатланишнинг гигиeник қоидаларига риоя қилиш, мулоқот ва экологик маданиятга эришиш, умуминсоний ва миллий қадриятлар асосида маънавий тарбия олиш, зарарли одатлардан ўзини тута билиш демакдир.

Инсон организмида жисмоний фаоллик сусайиб борар экан, аввалига қувват сарфи камайиб, сўнг тўқималарнинг қон, кислород ва озиқ моддалар билан таъминланиши ёмонлашади. Юрак мушакларида ўзгаришлар пайдо бўлиб, организмни идора этувчи тузилма ҳолати, жумладан гормонал ва асаб тизимининг иши бузилади. Кам ҳаракат қилиш, кўп ўтириш натижасида мушаклар эрта қувватсизланиб, бўшашиб қолади, кишининг қадди букилиб, физиологик қариш жараёни тезлашади. Шунинг учун кўпинча кам  ҳаракат одамларда, ҳаттоки жуда ёш бўлишига қарамасдан уларда юрак етишмовчилиги, қон томирларда, нафас органларида, ошқозон ичакларида ва бошқа аъзоларида  ўзгаришлар  кузатилади.

  Кўпинча талабаларга эътибор қилганда, баъзи талабалар куннинг кўпроқ қисмини кам ҳаракатли турмуш тарзида олиб боришади, уларнинг жисмоний ҳаракатланиши камроқдир. Кам жисмоний фаоллик (гиподинамия) мушаклар атрофиясини ривожланишига сабаб бўлади. Доимий жисмоний фаоллик тўсатдан ўлимни, қон босимини ортишини, қандли диабет, йўғон ичак ракини ҳамда руҳий бузилишларни камайтиради, шунингдек у тана вазни назоратини, суяк тўқимаси мустаҳкамлигини ҳамда ҳаёт сифатини яхшилайди. Жисмоний фаоллик, ҳаёт – ҳаракатдадир. Инсон кундалик ҳаётида жисмоний машқлар, спорт ўйинлари, баданни чиниқтирувчи муолажалар билан кўпроқ шуғулланса, унинг танасидаги физиологик, биологик жараёнлар тезлашади ва оқибатда кайфияти кўтарилади, ишчанлик ортади. Шубҳасиз, бу саломатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ҳозирги кунда талабаларнинг жисмоний фаол бўлишлари учун ҳамма олий даргоҳларда ўзлари истаган спорт турлари учун  шароитлар яратилган.  Инсон пайдо бўлгандан бери организмда моддалар алмашинуви жараёни ва бошқа физиологик жараёнлар организмда кечади, яъни организм анатомик ва физиологик жиҳатдан ривожланади. Организмдаги ҳамма аъзолар ҳар доим кундузи фаол ва кечаси пассив ҳолдатда бўлади. Агар организм фақат овқат ейиш, ичкиликбозлик ва турли номаъқул ишлар билан банд бўлса, бундай ҳолат соғликка катта зарар етказади. Шунингдек, иш куни, дам олиш вақти тўғри режалаштирилган бўлиши керак.

Келажакда амалга оширмоқчи бўлган барча режаларингизни рўёбга чиқариш учун, хоҳ қиз, хоҳ ўғил бола бўлинг, авваламбор, ҳар бирингиз сиҳат-саломат, ҳар томонлама, шу жумладан, жисмоний, психологик, анатомик-физиологик жиҳатдан ҳам уйғун ривожланган бўлмоғи зарур. Соғлом бўлган инсоннинг юзидан нур   ёғилиб туради. Ўспиринлик даври организмнинг таянч-ҳаракат аппарати, юрак-қон томирлар системаси, ички секреция безлари ва бошқа системаларнинг  жадал ривожланиши  билан характерланади.  Ёш йигит-қизлар балоғатга етиши муносабати билан уларда турли кечикмалар, ҳис-туйғуларга  тўлиб-тошиш,   катталарнинг   гапларига   қизиқиш,   ўзини катта тутиш каби хусусиятлар намоён бўла бошлайди. Айрим ёшлар ўз ҳолига қўйиб қўйилганда шаҳвоний ҳис-туйғуларга берилиб, тамаки чека бошлайдилар   ҳатто   баъзи   наркотик   моддаларни   истеъмол   қилишга қизиқадилар.   Бунинг   оқибатида   одоб-аҳлоқ   нормаларига   зид   ҳатти-ҳаракатлар қила бошлайдилар. Айрим ёшлар ўзини назорат қила олмай, айрим қийинчиликларга бардош бераолмай гиёҳвандлик йўлига кириб кетадилар.

Халқимизда «Яхши билан юрсанг етасан муродга, ёмон билан юрсанг қоласан уятга» деган нақл бор.  Олийгоҳларнинг ҳар бир ўқитувчиси айниқса, гуруҳ мураббийси наркотик модда истеъмол қилган одамга бўладиган физиологик, психологик, жисмоний ўзгаришларни билишлари керак.  Соғлом авлодни тарбиялаш ҳақида сўз борганда барча чораларни кўриш зарур эканлиги айтилади.

Хулқни симобдек ҳар томонга ўйнаб турадиган ёшларга ҳеч ким эътибор бермайди, унинг ҳурматини жойига қўймайдилар, улар гўё қаровсизликда қоладилар. Бундай йигит, қизларни наркоман гуруҳи яхши  қарши оладилар, меҳрибонлик қиладилар. Шу тариқа улар наркоманлар билан яқинлашиб кетадилар. Натижада бундай ёш наркоман бўлиб қолади. Ота-онанинг бебурдлиги, чекишга одатланганлиги ёшларни чекувчи бўлишига сабаб бўлади. Талабалар ичкиликбозлик, кашандалик ва гиёҳвандлик каби зарарли одатлардан ўзини тийиш ва унинг оқибатини ҳамиша кўз олдига келтириши уларни фикрини ўзгаришига яъни соғлом фикрлашга ундайди.

Соғлом турмуш тарзини шакллантириш - республикамиз педагогика соҳасида  тизимининг бош йўналиши бўлган профильактик йўналишнинг бош ричаги ҳисобланади. Шунинг учун талабалар орасида ўтказиладикан профилактик чора-тадбирлар,  тарғибот ишлари соғлом турмуш тарзини шакллантиришда алоҳида ўрин тутади.

Соғлом турмуш тарзи соғлиқни сақлашнинг муҳим муаммоларидан бири бўлган-юрак, қон-томир, онкологик, айрим асаб, ошқозон - ичак, ўпканинг носпецифик касалликларини олдини олишда  етакчи роль ўйнайди. Шу билан бирга инсонни руҳий, маънавий, жисмоний, анатомик ва физиологик жиҳатдан  тўғри ривожланишини таъминлайди.

Адабиётлар

1.                  О‘zbekiston Respublikasini yanada rivojlantirish bо‘yicha Harakatlar strategiyasi tо‘g‘risida”gi О‘zbekiston Respublikasi ­Prezidentining Farmoni. – Xalq sо‘zi, 8-fevral 2017-yil.

2.                  D.Sh.Sharipova   ва бошқалар  Valeologiya asoslari.  Fan va texnologiya OЪquv qoЪllanma T.2010

3.                  Q.Sodiqov  “SogЪlom turmush tarzini shakllantirish” oЪquv qoЪllanma. 2007.  

1.                  //http://health.best-host.ru -Pavlova M. Metodicheskie rekomendatsii po integratsii programmi «Osnovi zdorovogo obraza jizni» v uchebno-vospitatelniy protsess obrazovatelnogo uchrejdeniya: [Elektronniy resurs] Saratovskiy institut povisheniya kvalifikatsii i perepodgotovki rabotnikov obrazovaniya.-

2.                  http://edu.perm.ru/poipkro/val/n-issldey.htm -Kafedra oxrani zdorovya detey i podrostkov POIPKRO:

3.                  http://www.chat.ru/~dronisimo/homepage1/anatom1.htm -Biologiya.

4.                  http://www.informika.ru/text/database/biology/ - Biologiya, obuchayushaya entsiklopediya:

 



[1] “О‘zbekiston Respublikasini yanada rivojlantirish bо‘yicha Harakatlar strategiyasi tо‘g‘risida”gi О‘zbekiston Respublikasi ­Prezidentining Farmoni. – Xalq sо‘zi, 8-fevral 2017-yil.


published at: НИЗОМИЙ НОМИДАГИ ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ПЕДАГОГИКА УНИВЕРСИТЕТИ ТАБИИЙ ФАНЛАР ФАКУЛЬТЕТИ ЗООЛОГИЯ ВА АНАТОМИЯ КАФЕДРАСИ.2019 йил 12 март ,
published year: 0 ,
post date: 2019 yil 1 may