Ilmiy maqolalar

Соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг педагогик асослари





Саломатлик – инсон камолотининг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлиб, шахснинг ҳеч ким даҳл қила олмайдиган ҳуқуқи, ўз-ўзини ривожлантириш, шахсий ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши гаровидир.

Маълумки, жамиятимизда инсон саломатлиги, жисмоний баркамоллиги, соғлом турмуш тарзи маданиятига эгалиги ўта муҳим ижтимоий қадрият ҳисобланади. Миллат саломатлигини таъминлаш, халқ генофондини бекаму-кўст сақлаш соғлом турмуш тарзи туфайлигина етарлича ижобий тарзда ҳал этилади. Бу эса, жамиятнинг барча ижтимоий институтлари; оила, ўқув-тарбия масканлари, маҳалла ҳамда мустақил таълим олдига жамиятимиз фуқароларига соғлом турмуш тарзи мазмуни ва моҳиятини англатиш, ёшларни сергак ва билимдон, баркамол шахс қилиб тарбиялаш масаласини кўндаланг қилиб қўяди.

Соғлом турмуш  тарзи (СТТ) - бу фаол меҳнат, ижод оғушида яшаш, кучли жисмоний ва руҳий юкламаларни, ўта хавфли ва зарарли таъсир кўрсатувчи омилларни енгил кўтара оладиган ҳар томонлама тараққий этган шахснинг шаклланиш жараёнидир.

 Фалсафа  ва ижтимоий  гигиенага оид адабиётларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш муаммоларига сўнги пайтларда катта эътибор берилмоқда. Бу масаланинг ижтимоий-руҳий, тиббий-гигиеник, иқтисодий, шахснинг ўзига алоқадор мотивацион  томонлари тадқиқ этилмоқда. Бироқ, соғлом турмуш тарзининг методологик муаммолари ва ижтимоий-гигиеник мезонлари айрим минтақаларнинг ўзига хос томонлари, иқлимий-географик шароитлари, аҳоли турмуш маданиятининг этник хусусиятлари етарлича ўрганилган эмас.

СТТ ни шакллантиришнинг миллий    концепцияси  намунавий модели республика аҳолиси ўртасида СТТ шакллантириш жараёнини маълум бир тартибда ва илмий асосда олиб боришни имкон яратади, унинг самарадорлигини оширади.Шу билан бирга  СТТ намунавий модели – одамлар ўртасида соғлом  муносабатларни ҳамда намунавий ҳулқни шакллантириш жараёнини тартибга солиб боради ва тезлаштиради. Одамлар жамиятда ўзларининг мавжуд яшаш тарзларини, гигиеник хулқларини, шунингдек тиббий маданийлиги ва фаолликларини намунавий этап билан қиёслаб кўриш ва унга тегишли ўзгартиришлар киритиб бориш имкониятига эга бўлади.

Соғлом турмуш тарзини шакллантиришда  мотивация омилининг ўрни хақида гап юритмоқчи бўлсак, аввало мотивация  атамаси ўз мазмунига кўра шахсни маълум бир фаолиятини бажаришга  киришиши учун ҳаракатга келтириш, унинг муҳимлигини асослаш  ва англатишдан иборатдир. Жумладан СТТ шакллантириш муаммосида мотивация омили одамларга уларнинг нима учун СТТ да  яшаш лозимлиги, не сабабдан носоғлом турмуш тарзини танлаш юзасидан кераклигини англатишга қаратилган. [4].

 Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш жараёнида мотивация омилининг ўрнини баҳолашда ҳар бир шахсда унинг кундалик ҳаёт фаолиятини тахлил қилиш  учун зарур бўлган учта асосий элементнинг мавжудлигига эътиборни қаратиш лозим. Жумладан ҳар бир шахсда:

·        соғлом турмуш тарзи ҳақидаги билимларнинг мавжудлиги;

·        соғлом турмуш тарзида яшашнинг инсонни соғлом қилишга ва умрини узайтириши мумкинлигига қатъий ишончнинг бўлиши;

·        соғлом турмуш тарзида яшаш учун астойдил ҳаракатнинг мавжуд бўлиши кабилар киради.

Назарий жаҳатдан олиб қаралганда одамларнинг кундалик ҳаётида бу учбурчак турлича вариантларда шаклланган бўлиши мумкин. Ҳар бир шахснинг ўз саломатлигини мустаҳкамлашга бўлган ички эҳтиёжи унинг бу йўлдаги амалий ҳаракатини белгилайди. Шунга кўра барча омилларни:

·        гигиеник жиҳатдан тўғри ва асосланган турмуш тарзида, яъни соғлом турмуш тарзида яшовчиларга;

тиббий гигиеник жиҳатдан асосланмаган, яъни носоғлом турмуш тарзида яшовчиларга ажратиш мумкин. [5].

Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва иқтисодий тараққиёти ўсиб ва ривожланиб бораётган ҳозирги даврда соғлом турмуш тарзининг ижтимоий – гигиеник мезонларини аниқ белгилаб олишнинг аҳамияти жуда каттадир.

  Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи  мафкураси – инсон саломатлигининг  қонунятлари ва билимлари мажмуи эмас,балки ,инсон саломатлигини мустахкамлашга бўлган қарашлар тизимидан иборатдир. СТТ мафкураси , Р.У.Арзиқуловнинг    фикрича, турмуш тарзининг фалсафасини, давлатнинг соғлом турмуш тарзини шаклланиши бўйича юритаётган сиёсатин, СТТ нинг ҳуқуқий, аҳлоқий  асосларини , СТТнинг педагогикаси, психологияси, социологик маданияти, этикаси ва ҳечинаслиги ўзида мужжасамлаштирган бўлиши лозим [2].

Маълумки, меъзон – бу шундай бир ўлчамки, унинг ёрдмида биз учун ўлчаниши зарур бўлган жараёнларни шакллантирилган эталон ( стандарт) билан таққослаш имкониятига эга бўламиз, уни баҳолай оламиз. Соғлом турмуш тарзидек мураккаб ижтимоий жараёнларни ўлчашда унинг биз учун мақбул ва зарур бўлган ўлчамларини шакллантириш муҳим амалий аҳамиятга эгадир.

      Соғлом турмуш тарзини ўлчашда ишлатилиши мумкин бўлган бундай меъзонлар қаторига шахснинг:

·             жамоатчилик ва меҳнат жараёнларида фаоллик кўрсатиб, самарали ижодий фаолият  билан машғул бўлиши;

·             оилада  ва кундалик турмушда намунали яшаши;

·             ўзидаги жисмоний ва маънавий қобилятларни рўёбга чиқаришга интилиши;

·             табиий  ва ижтимоий муҳит билан мутаносибликда яшаши;

·             соғлом ва баркамол инсон бўлиб шаклланиш учун ўз шахсини босқичма-босқич ривожлантириб боришга интилиши;

·             носоғлом турмуш тарзига хос зарарли одатларнинг қулига айланиб қолишдан ва ўз умрини ҳаёт оқимининг  аёвсиз гирдобига тушиб қолишдан асрашга интилиб яшаши;

·             фақат узоқ яшаётгани учунгина эмас, балки ҳаётда тўғри яшаётганидан ҳам қониқиши  ҳосил қилиб, завқланиб яшаши интилиши;

·             соғлом турмуш тарзини ўзи  учун бир умрга ҳамроҳ қилиб олиши каби қимматли сифат ва хусусятларини киритиш мумкин.

Ҳар бир инсон ўз тана аъзоларининг заҳиравий имкониятларини ошириш учун, уларни мунтазам равишда чиниқтириб бориши лозим. Саломатлик заҳираларини яратиш учун соғлом турмуш тарзининг қуйидаги қоидаларига амал қилиш тавсия этилади:

·             мунтазам равишда жисмоний тарбия ва жисмоний меҳнат билан шуғулланиш. Хафтада организмга камида 6 соат жисмоний юклама бериш;

·             меъёрий ақлий  ва жисмоний юклама билан ишлаш, кучли ақлий меҳнатдан сўнг фаол дам олиш. Меҳнат билан дам олишни галмагал ва мазмунли ташкил қилиш;

·             рационал ва таркиб жиҳатдан тенглаштирилган овқатланиш, ортиқча вазндан қутилиш, ҳайвон ёғлари, қанд ва ширинликларни истеъмол қилишини чегаралаш;

·             зарарли одатлардан юз ўгириш;

·             организмни чиниқтириш;

·             тоза  ҳавода ҳар куни камида 2-3 соат бўлиш;

·             кун тартибига қатъий амал қилиш, бир кеча-кундузда камида 8 соат ухлаш;

·             эҳтиёж туғилганда турмуш тарзини ва ишини ўзгартириш;

турмуш, ўқиш ва ишдан қаноатланиб яшаш. [1].

      Организмнинг заҳиравий имкониятларини  оширишни палапартиш эмас, батартиб ташкил қилишга эришиш лозим.

Жумладан: турли хил жисмоний  машғулотлар ёрдамида юрак ва тана мушакларини ишлашга мажбур қилиш, бундай машғулотларни  белгиланган бир вақтда бажариш ва бунда маълум тартибга риоя қилиш, ақлий  ва жисмоний меҳнатни  галмагал алмаштириб бажаришни одат тусига киритиш, кабилар шулар жумласидандир.

Маълумки  биз наслимизнинг келажаги – соғлом авлод учун курашар эканмиз ўз мақсадимизга эришиш учун миллатни соғлом турмуш тарзида яшашга ўргатишимиз керак бўлади. Соғлом авлод деганда, биз фақат жисмонан бақувват фарзандларни эмас, балки маънавий жиҳатдан ҳам бой ва соғлом авлодни назарда тутишимиз лозим. Зеро, маънавий соғлом бўлмасдан туриб, жисмонан соғлом бўлиш мумкин эмас. Ҳар иккала тушунча бир бирига мос ва бири иккинчисидан тақазо қилади. Ҳам жисмонан, ҳам маънавий  соғлом авлодга эга бўлган халқни эса синдириб бўлмайди. Биз жисмонан соғлом, юксак маънавятли ва ягона миллий ғоя асосида жипслашган миллатни шакллантиришни бош мақсад қилиб қўяр эканмиз уни соғлом турмуш тарзида яшашга  ўргатишимиз лозим.

Соғлом турмуш тарзи муаммоси – одамзод  олдида турган энг муҳим муаммо – шахсни ҳар томонлама ривожлантириш, меҳнат турмуш ва дам олиш соҳасида,  илмий жиҳатдан асосланган, ижтимоий – гигиеник фаоллиги кучайиб боришига ёрдам берадиган, ижтимоий-гигиеник жиҳатдан оқилона бўлган турмуш тарзини шакллантириш муаммосидир.

“Соғлом турмуш тарзи – бу кундалик турмушни биологик ва ижтимоий қонунлар асосида ташкил этиб, саломатликни сақлаш ва мустаҳкамлашга қаратилган турмуш тарзидир” деб таърифлайди.

Таълим тизимида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш турли йўналишларда изчиллик билан, муайян дастур асосида, аниқ  йўналишларда олиб борилиши лозим. Хусусан, бу аввало олий педагогик таълим жараёнида талабаларга соғлом турмуш тарзига оид муайян тиббий ва гигиeник билимлар бeриш, уларда соғлом турмуш тарзини сақлашнинг инсон танаси такомилига таъсири ҳақидаги тушунчаларни шакллантиришга қаратилса, иккинчи томондан,  ёшларда қатъий режим асосида гигиeник қоидаларга амал қилиш, ўзи ва ён-атрофдагиларнинг соғлиғини асрашни кундалик одатга айлантириш кўникмаларини таркиб топтириш билан бевосита алоқадордир. Шунингдек, соғлом турмуш тарзи оммавий аxборот воситалари орқали кeнг тарғиб этилиши билан бирга, барча таълим-тарбия масканлари билан ҳамжиҳатликда мактаб, лицей, коллежларда бериладиган таълим-тарбия мазмунига чуқур сингдирилмоғи лозим.

Маълумки, ўзбек оиласида кўп авлодлилик белгилари яққол ифодаланади. Унда фарзанд онгида соғлом ғоя ва билимлар шаклланишида оиланинг катталари - боболар, момолар, яқин қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, маҳалла ҳам бевосита иштирок этади. Азалий одатларимизга кўра, фарзандларимиз тарбиясига ота-онадан нисбатан бобо, буви, қўшни ва қариндошларнинг таъсири кучлироқдир. Улар оиладаги маънавий муҳитнинг белгиловчилари ҳисобланади. Бу хил тарбия анъанаси ўтмишдан қолган муҳим маънавий-педагогик қадрият ҳисобланиб, буюк аждодларимиз ҳаётида бу хил тарбия услуби шаклланиб, муайян тизим даражасига етган. [4].

Инсон турмуш тарзи ўз ҳаётида рўй берадиган аниқ воқеа-ҳодиса ва турли ўзгаришлар таъсирида шаклланади. Жамиятнинг ривожланиши, ахборот оқимининг ўсиши, тезкор ҳаёт тарзига талабнинг ортиши натижасида ўзаро мулоқот ва муносабатнинг бирмунча мураккаб тус олаётганлиги ўқувчилар руҳиятига таъсир кўрсатмоқда. Оқибатда уларда ўз тақдири, оиласи, жамоаси учун зарур бўлган турмуш тарзига эга бўлиш, ақлий, ҳиссий ва эркинликка интилишга  асосланган хатти-ҳаракатлар мажмуини танлашга нисбатан маъсулликлари ортмоқда. Бу хил турмуш тарзи аксарият ҳолларда ўқувчиларда юзага келиши мумкин бўлган турли хил асаб хасталикларининг олдини олишни тақозо этади. Мазкур мақсадга эришиш аввало шахсий ва ижтимоий миқёсда соғлом турмуш тарзини ташкил этиш ҳамда унинг узвийлиги ва узлуксизлигига эришишнинг муҳим йўналишларини амалга оширишни тақозо этади. Бунинг учун эса ушбу муаммо моҳиятини англаш ва ҳал этишни билиш зарур. Сўнгги йилларда олиб борилаётган махсус тадқиқотлар жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг илмий - услубий асосларини яратиш имконини юзага келтирди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Фалсафа ва ҳуқуқ институти ҳамкорлигида Ангрен шаҳрида “Соғлом турмуш тарзини шакллантиришда ахлоқий қадриятларнинг ўрни” мавзусида ўтказилган илмий-амалий конференция материалларида  айнан ушбу масалалар  ўз аксини топди.

         Мазкур анжуман  материалларини таҳлил қилиш натижалари унда ёшларнинг соғлом турмуш тарзини ташкил этишнинг ижтимоий ва маънавий-психологик муаммолари кўтарилганлигини, конференцияда қилинган маърузаларда ушбу муаммоларни ҳал этишнинг асосий воситаси сифатида маънавият масалалари қайд этилганлигини кўрсатди.

Илмий тадқиқот натижаларимизнинг асосий мақсади педагогика олий ўқув юртлари талабаларида соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг яхлит педагогик тизимини ишлаб чиқиш ва ушбу тизимни амалиётга жорий этишга йўналтирилган илмий методик тавсиялар яратиш такомиллаштириш имконини берадиган педагогик шарт-шароитларни асослаш. Шу асосда ўзи ва атрофдагиларнинг саломатлигини сақлашга оид билим, кўникма, малака ва одатларни эгаллаган шахсни тарбиялашдан иборатдир. Олиб борилган тадқиқот ишининг натижасида қуйидаги қуйидаги амалий натижалар тавсия этилди.Таълим жараёнида   педагогика олий юртлари талабаларининг соғлом турмуш тарзига оид билимларидан фойдаланиш фаоллаштирилди, ва амалиётда кенг қўлланилди;

-  соғлом турмуш тарзи мазмунини англаб етишнинг аҳамиятини эътиборга олган ҳолда, талабаларда соғлом турмуш тарзига оид тушунчалар, унинг турли сатҳлари муайян ҳодиса сифатида  босқичма-босқич шакллантирилди;

- турли машғулотлар ва бошқа ўқув предметларини ўрганиш  жараёнида талабаларнинг соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги маълумотларига тизимли равишда ёндошилди,соғлом турмуш тарзини шакллантириш самарадорлигини оширишнинг  модели ва концепцияси яратилди ;

- “Соғлом турмуш тарзи” экспериментал курсини ўқитиш жараёнида замонавий педагогик технологиялардан талаб даражасида фойдаланилди, тажриба синов ишлари ўтказилди,бўлғуси педагогларни соғлом турмуш тарзига ўргатишнинг самарадорлиги  кафолатланди, талабаларнинг соғлом турмуш тарзига оид маълумотлари ортди.

 














published at: Тошкент.Халқ таълими,
published year: 2018 ,
post date: 2019 yil 7 yanvar