Ilmiy maqolalar

ЭРКИН ЖАМИЯТ ХОТИН-ҚИЗЛАРИ – ИЛМ-ФАН ЙЎЛИДА


Kategoriya: Jahon tarixi ,



Эркинлик – жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олиши даркор. Зеро, усиз тараққиёт йўқ, миллат ва элатлар, жинслар ва эътиқодлар ўртасида тенглик бўлмайди. Таъбир жоиз бўлса, табиий мувозанат бузилади.

189

Инсоният умрини илм-фан билан боғлайди. Янги уфқлар очиш гўё эркаклар ишидек туюлади. Олимлар орасида эркаклар нуфузи салмоқли таъсирга эгалиги ҳам ҳақиқат. Аммо фан тараққиётида аёллар ролини эътиборга олмаслик – адолатсизликдан далолат. Дунёнинг биринчи дастурчиси, инглиз математиги, Нобель мукофотининг совриндори Ада Байрон; радий, полоний ва уран каби радиоактив моддалар том маънода ҳаётининг мазмунига айланган поляк муҳожири, икки карра Нобель мукофотининг совриндори Мария Склодовская-Кюри; Мария Кюрининг ишини давом эттирган унинг қизи, физика фани бўйича улкан ютуққа эришган, Нобель мукофотининг совриндори Ирэн; инглиз биофизиги Розалинд Франклин; асли Веналик, Германия университетининг биринчи профессор-аёли, физика бўйича Нобель мукофотининг совриндори Лиз Мейтнер, шунингдек, Рейчел Карсон, Барбара Мак-Клинток, Элизабет Блэквэлл, Жейн Гудолл, Гипатия Александрийская, Мария Митчелл каби ўнлаб ўзларининг илмий салоҳияти билан дунёни ларзага солган олима-аёллар аллақачон жаҳон тамаддуни намоёндалари сифатида эътироф этилган ва уларнинг номи тарихга муҳрланган. Ўзбекистонда ташаббускор, уддабурон, масъулиятли ва юртимизда ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этаётган хотин-қизлар салмоғи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу ҳаракатнинг илдизи узоқ йилларга бориб тақалади. Сўнгги 60-70 йил мобайнида Ўзбекистонда илм-фан соҳасида ўзига хос бурилиш ясаган, илмий-тадқиқот ишлари билан халқаро миқёсда эътироф этилган кўплаб республикамиз аёллари фан чўққиларини забт этганликларига тарих гувоҳлик беради. Масалан, 1945 йилда фан номзоди, 1950 йилда фан доктори илмий даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилган, юридик фанлари доктори, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Хадича Сулаймонова ўзбек халқининг етакчи олима-аёллардандир. 1954 йилда Х.Сулаймонова Тошкент давлат юридик институти директори, 1956 йилда Адлия вазири, 1964 йилда республика Олий Суди раиси лавозимларига тайинланиб, умрининг сўнггига қадар ҳуқуқ-тартибот соҳасида раҳбарлик фаолиятини олиб борган фан арбобларидан саналади. Юксак илмий салоҳият ва серқирра иқтидор эгаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Х.Сулаймонова ҳуқуқшунослик фани тараққиёти учун тинимсиз изланиш олиб борган, жиноят ҳуқуқи ва Ўзбекистон суд қурилиши тизимида ўзига хос мактабга асос солган олима сифатида 80 дан ошиқ илмий ишлар муаллифи ҳамдир. Академик Хадича Сулаймонова 1956 йилда Амстердамда бўлиб ўтган социологларнинг III Халқаро конгресси, 1960 йилда Лондонда бўлиб ўтган БМТ II конгресси, 1960 йилда Софияда бўлиб ўтган юрист-демократлар Халқаро ассоциацияси VII конгресси, 1961 йилда Қоҳира ва Токиода, 1962 йилда Прагада, 1964 йилда Цейлонда бўлиб ўтган конгресслар иштирокчиси ҳамдир. Академик С.А.Азимжонова илмий мактаби Ўзбекистон шарқшунослик фанида алоҳида ўрин эгаллайди. 1968 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган йирик олима давлатимизнинг кўплаб мукофотлари билан тақдирланган. Археология фанига катта ҳисса қўшган Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Г.А.Пугаченкова, тарих фани ривожига беқиёс меҳнати сингган, 1963 йилда 38 ёшида докторлик ишини муваффақиятли ҳимоя қилган, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, профессор Р.Ҳ.Аминова; филология фанлари доктори М.А.Асқарова; 1995 йилда Франциянинг “Академик Пальмо” ордени билан мукофотланган, филология фанлари доктори Ф.К.Сулаймонова; Ўзбекистон

190

Республикаси ФА Тарих институти бўлим бошлиғи, тарихимизга оид қатор фундаментал асарлар муаллифи, тарих фанлари и доктори, профессор Дилором Алимова; тарих фанлари и доктори, профессор Раҳбархон Муртазаева каби ўнлаб олималаримиз рўйхатини яна давом эттириш мумкин. Уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон хотин-қизлари орасида олима ва шоиралар, давлат ва жамият бошқаруви фаоллари сафи кенгайди, илмий-педагог кадрлар таркиби бойиди. Ҳозирги кунда республикамиз филолог-олимларининг 70.8 фоизи, психологларнинг – 81 фоизи, педагогларнинг – 60.7 фоизиини аёллар ташкил этади. Шунингдек, философия, политология каби ижтимоий-гуманитар фан соҳалари вакилларининг тенг ярми олима-аёлларимиздир. 1400 дан ортиқ хотин-қизлар давлат ва жамият бошқаруви тизимида раҳбар лавозимларда фаолият олиб бормоқдалар. Фан, таълим ва тарбия ҳамда санъат соҳаларида меҳнат қилаётган мутахассисларнинг 72 фоизини айнан хотин-қизлар ташкил этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг 2018 йил 8 мартдаги Халқаро хотин-қизлар байрами табригида: “Ҳозирги вақтда мамлакатимизда турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган ишчи ва хизматчиларнинг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Жумладан, давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 400 га яқин опа-сингилларимиз раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилмоқда. Улардан 17 нафари сенатор, 16 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлиб, 1 минг 75 нафари эса халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари таркибида фаолият юритмоқда. Ўнлаб опа-сингилларимиз “Ўзбекистон Қаҳрамони”, “Ўзбекистон фан арбоби”, “Ўзбекистон халқ ўқитувчиси”, “Ўзбекистон халқ шоири”, “Ўзбекистон халқ артисти” сингари давлатимизнинг юксак фахрий унвонларига, орден ва медалларига сазовор бўлган. Уларнинг орасида 500 нафардан зиёд фан докторлари ва академиклар, минглаб фан номзодлари ўз билими ва истеъдоди билан Ватанимиз равнақига астойдил хизмат қилиб келмоқда”, - деган сўзларни алоҳида ифтиҳор билан айтган эди (“Янги Ўзбекистон” газетаси. 2020 йил, 25-январь. № 1). Мустақиллик йилларида 2180 нафардан ортиқ хотин-қизларимиз юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган. Уларнинг орасида ўнлаб Ўзбекистон Қаҳрамонлари, фан арбоблари, халқ ўқитувчилари, халқ шоирлари, халқ артистлари бор. Бугунги кунда хотин-қизлар орасида 6 нафар академик, 514 нафар фан доктори бор. 255 нафар иқтидорли қизларимиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти совринига муносиб деб топилган. 15 нафар ватандош-аёлларимиз давлатимизнинг олий мукофоти – Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига мушарраф бўлишган. Юртимиздаги олий таълим масканларида бугун 373 минг 500 га яқин ёшлар таълим олмоқда. Улардан 168 минг 470 нафарини, яъни 45,1 фоизини қизлар ташкил этиши алоҳида эътиборга лойиқ. Жорий йилда маданий-гуманитар соҳаларни ривожлантириш бўйича қилинган ишлар ҳақида гапирганда, аввало, маданият, адабиёт ва санъат, оммавий ахборот воситалари соҳасига тааллуқли 12 та муҳим ҳужжат қабул қилинганини қайд этиш лозим. Ўзбекистон илм-фан, интеллектуал салоҳият соҳасида, замонавий кадрлар, юксак технологиялар борасида дунё миқёсида рақобатбардош бўлиши Президентимиз томонидан шарт қилиб қўйилган. 2020 йил 24 январда Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаат қилди. Мурожаатномада қамраб олинган масалалар айнан шу муҳимликда қўйилди. Илм-фанни янги сифат даражасига кўтариш, ёшларни мукаммал билим, юксак

191

маънавият ва маданият эгалари қилиб тарбиялаш борасидаги ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида 2020 йил “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб эълон қилинди.

Республика таълим тизими, хусусан, олий таълим тизимида мавжуд муаммоларни назарда тутган ҳолда Президент қуйидаги жиддий хитоб билан Парламентга мурожаат қилди: “Биз илм соҳасида, олий таълим соҳасида қилган хатоларимизни тўғрилашимиз керак”.

Мурожаатномада, шунингдек, илм-маърифат, хусусан, олий таълим, айниқса, қизлар орасидан етук мутахассис-кадрлар тайёрлаш масаласи Президентимиз томонидан бирламчи масала сифатида қўйилди. Бу соҳада чинакамига туб ислоҳотлар амалга оширилиши қатъий қилиб белгиланди. Уларни Президентимиз қуйидагича изоҳлади: - олий ўқув юртларига талабаларни қабул қилиш давлат грантлари икки баробар кўпаяди; - қизлар учун алоҳида грантлар ажратилади. Хотин-қизлар қўмитаси ушбу грантлар асосида ўқитишга номзодларни танлаш ва саралаш мезонларини ишлаб чиқади. Халқ таълими тизимда ҳам ўзига яраша муаммолар мавжуд, улардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Хусусан, бу тизимда фаолият кўрсатаётган қарийб 60 минг тарбиячининг атиги 21 фоизи олий маълумотли, қолгани эса ўрта махсус маълумотга эга ачинарли ҳол. Ана шу масалани ҳал қилиш учун 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб олий ўқув юртларида мактабгача таълим йўналиши бўйича кундузги бўлимда бакалаврлар тайёрлайдиган 3 йиллик тизимни жорий этилди. Шунингдек, бу йўналиш бўйича сиртқи ва кечки таълим шаклида бакалаврлар тайёрлаш тизими ҳам йўлга қўйилди. Ўйлаймизки, ўзига хос инқилобий ўзгаришларни бошидан кечираётган таълим тизими, унда салмоқли ўрин тутган хотин-қизлар масаласи жамиятимиз тараққиётида бундан кейин ҳам устувор аҳамият касб этади. Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик, жамиятимизда қарор топган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий барқарорлик, оиласи ва яқинларининг хотиржам ҳаёт кечираётгани, танланган соҳасида меҳнат қилиши, ўзи ва фарзандлари эришаётган муваффақиятлар - хотин-қизларнинг аксарияти учун фаровон ва барқарор келажакка ишонч бағишлайди. Фойдаланилган адабиётлар: 1. Мирзиёев Ш. Нияти улуғ халқнинг – иши ҳам улуғ, ҳаёти ёруғ ва келажаги фаровон бўлади. 3-том. –Тошкент: “Ўзбекистон”, 2019 йил. 2. Янги Ўзбекистон газетаси// 2020 йил, 25-январь. № 1 3. Интернет материаллари.

Мақола, ЎзМУ. пдф.pdf

published at: МАРКАЗИЙ ОСИЁ ДАВЛАТЛАРИ ОЛИМА АЁЛЛАРИНИНГ ИЛМ-ФАН СОҲАСИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ Халқаро илмий-амалий анжуман материаллари (2-қисм). ЎзМУ,
published year: 2020 ,
post date: 2020 yil 12 iyun