Ilmiy maqolalar
Амир Темурнинг Хитойга юриш бошлашининг тарихшунослиги.
АМИР ТЕМУР ХИТОЙГА ҲАРБИЙ ЮРИШ БОШЛАШИНИНГ ТАРИХШУНОСЛИГИ
Рўзиев Хамидулла Журабаевич -Низомий номидаги ТДПУ
Тарих факультети ўқитувчиси
Резюме. Мазкур мақолада илмий адабиётлар ва манбаларга таянган ҳолда соҳибқирон Амир Темурнинг Хитойга ҳарбий юриши сабаблари, унга тайёргарлик жараёни масалалари таҳлил қилинган.
Калит сўзлар. Мовароуннаҳр, Хитой, Амир Темур, ислом дини, Шарқий Туркистон, Жунғория, Буюк Хитой девори, Руи Гонсалес де Клавихо.
Резюме. В данной статье, основываясь на первою источники, научные труды, анализируется военная подготовка и поход Эмир Тимура в Китай.
Калит сўзлар.
Rezume. In this article Amir Temur’s military training and campaign to China on the base of the first sources, scientific work are analyzed.
Калит сўзлар.
XIII асрнинг иккинчи ярмида мўғуллар зулмидан озод бўлган Мовароуннаҳр ва Хитойда мустақил ва қудратли давлатлар деярли бир вақтда вужудга келди. Улардан бирига Мовароуннаҳрда соҳибқирон Амир Темур асос солган бўлса, иккинчи салтанатга Хитойда Чжу Юань Чжан (1368-1398 йилларда ҳукмронлик қилган) – Хунъу асос солган эди. Ҳар иккала давлат ҳам ўз даврида куч-қудрат бобида юксакликка кўтарилиб, дунёдаги энг йирик салтанатларга айланди. Лекин тарихдан яхши маълумки, бу икки ҳукмдор даврида Мовароуннаҳр ва Хитой алоқалари деярли узилиб қолган, айтиш мумкинки, улар ўзаро душманлик муносабатида эдилар. Бу ҳолат охир-оқибатда Амир Темурнинг Хитойга ҳарбий юриш уюштиришигача бориб етди. Хитойга Амир Темур қўшин тортиши билан боғлиқ қатор сабаблар мавжуд. Энг аввало, бу Хитой ҳукмдорининг дунёга ҳукмрон бўлиш даъвоси билан боғлиқ бўлиб, император Хунъу Амир Темурга элчи юбориб, ундан ўзини императорга вассал деб тан олишини талаб қилади. Мазкур талаб Амир Темурдек улуғ ҳукмдорнинг нафсониятига тегади[1].
Ўз навбатида Хитойда ҳам Амир Темур давлатига душманлик кайфияти ҳукм сура бошлайди. Хитой армияси имкониятлари чеклангани, яъни қўшинларнинг узоқ ва сувсиз саҳродан ўта олишга мослашмаганлиги, бунинг устига яқиндагина Хитойдан қувиб чиқарилган мўғуллар билан муносабатларнинг ёмонлиги, қолаверса Хитой армиясида жанговар отларнинг етишмаслиги каби омиллар туфайли император Амир Темур давлатига қарши қўшин тортишни пайсалга соларди. Айни пайтда император Хунъу Амир Темурнинг тасодифий ҳужум қилиш эҳтимоли борлигидан хулоса чиқариб бир қатор чоралар кўрди. Жумладан, пойтахтни жануб (Нанкин)дан шимол (Пекин)га кўчирди[2]. Амир Темур салтанатида эса ҳар бир юриш ёки тадбир пухта тайёргарлик ва ўта жиддийлик билан амалга оширилар, юришнинг бошланиш куни эса қаттиқ сир сақланар эди. Амир Темурда Хитойга ҳарбий юриш режаси йўқ эмасди деб бўлмайди. Чунки Темур тузукларидан: “тангри таолонинг динини ва Муҳаммад Мустафонинг шариатига дунёда ривож бердим. Ҳар ерда ва ҳар вақт ислом динини қўллаб-қувватладим”[3] – деган жумлаларни ўқиш мумкин. Хитойда эса вазият мусулмонлар учун ёмон томонга ўзгарган бўлиб, тарихчи Низомиддин Шомийнинг ёзишича: “Чин Мочин ва Хитой вилоятида бу мамлакат валийси Тўнғузхон Куфру залолатда авжга чиқиб, шу даражага етдики, бир гал андак ғараз билан бир неча минг мусулмонни қатл қилди”[4]. Ушбу қирғинни Амир Темур ўзининг етти йиллик (1399-1404 йй) ҳарбий юришлари даврида, аниқроғи 1399 йилда қишни Тоғли Қорабоғ (Озарбайжон)да ўтказаётган вақтда эшитади. Ушбу қонли воқеа 1398 йилда император Хунъу ўлимидан бир оз олдин содир бўлиб, мусулмонлар қирғинининг сабаблари манбаларда учрамайди. Тарихий адабиётларда эса арзимаган бир баҳона сабабли деган мужмал жумлалар мавжуд.
Академик В.В.Бартольднинг фикрича қирғин қилинган мусулмонларнинг сони юз мингдан ортиқ бўлган. Император ўз салтанати ҳудудидаги мусулмон аҳолисини ва ислом дини уламоларини қирғин қилиш авж олганлигини ёзиб қолдирган[5]. Хитойдаги ижтимоий-сиёсий вазиятнинг бу қадар кескинлиги Амир Темурнинг назаридан четда қолмаганлиги шак шубҳасиздир.
Амир Темур Хитойга қўшин тортишидан олдин сайёҳ ва элчилар берган маълумотларни атрофлича ўрганмай туриб таваккал қила олмасди. Улардан Хитойнинг шаҳар ва қишлоқлари, тоғ ва довонлари, кечувлари даралари, ҳарбий қисмлари, уларнинг уруш тактикаси ҳақидаги маълумотларни тўплайди. Амир Темур салтанатининг қудрати ошиб борганлиги, ўз мамлакати мусулмон аҳолисининг Темурга хайрихоҳлиги, айрим мўғул князларининг ҳам Хитойга ҳарбий юриш бошланган ҳолатда Мовароуннаҳр ҳукмдорини қўллаб-қувватлаши мумкинлигини назарда тутган император Хунъу бир қатор ҳарбий ислоҳотлар ўтказади. Ислоҳотлар натижасида мамлакатга ҳарбий хавф туғилганда аввалги ихтиёрийлик асосида халқ лашкарлари тўплаш тартибидан воз кечиб, рекрутлик* жорий қилиниб, унга қатъий амал қилган ҳолда қўшин сонини кўпайтиради. Юқоридаги ислоҳотлар ўз самарасини бериб, Хитой ҳарбий қўшинларининг сони 2 млн нафарга етади[6].
Амир Темур муваффақиятли ҳарбий юришлари натижасида Мўғулистонга тегишли Шарқий Туркистон ва Жунғория ҳудудларида жеталарга зарба берилиб, Қамариддин ўрнига ҳокимият тепасига келган Хизр Хўжахон билан дўстона алоқа ўрнатади. Хизр Хўжахон Мўғулистоннинг Қумул ҳудудида ҳукмрон бўлиб, бу шаҳар олдин хитойликлар томонидан бир неча бор ҳарбий босқинларга учраган эди. Амир Темур ва Хизр Хўжа ўғлоннинг ҳарбий кучлари қудратини ҳисобга олган Хитой императори Шарқий Туркистон ҳудудларига қарши ҳарбий-сиёсий ҳаракатлар олиб боришдан ўзини тийди[7]. Ўша даврда истило қилинган Ғарбий Мўғулистоннинг ҳудудлари ўша пайтда, яъни Шарқий Туркистон Фарғона вилоятига, Жунғория ҳудудлари Тошкент вилоятига қўшилган эди. Ушбу ҳудудлар Хитой билан ҳарбий ҳаракатлар бошланган пайтда муҳим таянч база бўла олиши Амир Темур назаридан четда қолмаган. Ҳарбий қурол-аслаҳалар тўплаш ва савдо карвонлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек тасодифий ҳужумлар олдини олиш мақсадида Шарқий Туркистон ҳудудида махсус ҳарбий қалъа қуришга соҳибқирон фармон берган[8]. Хитой ҳарбий юришига тайёргарликнинг сўнгги босқичида Мовароуннаҳр ҳукмдори эътиборли мўғул шаҳзодаларини ўз хизматига жалб қилиб, уларга мансаб ва амаллар беради. Уларнинг аксарият қисми ҳарбий юришлар мобайнида Амир Темур билан бирга бўлиб, Хитой ҳарбий юришида ҳам Жўжихон авлодларидан Тўхтамишхон билан ҳокимият учун курашиб мағлуб бўлгач, Амир Темур қўл остида хизмат қилиш учун келган Тоштемир ва Чеҳра ўғлонлар, Ўқтойхон авлодларидан бўлган Тайзи ўғлон кабилар иштирок қилиши керак эди. Улар Амир Темур хизматига 1397-1398 йиллардаёқ кирган эдилар[9]. Юқоридаги далилларга таяниб, Хитой императори ўсиб бораётган хавфдан хабарсиз эди дейиш ўринсиз бўлар эди. Император Хунъунинг вориси Чжу-ди (Юнлэ) ўзининг Ганьсу вилояти ноибига Амир Темурнинг таосдифий ҳужумидан ҳимояланиш чорасини кўришни буюради. Хитойда рақибдан ҳимояланиш анъанавий тарзда, яъни Буюк Хитой деворини таъмирлаш ва мустаҳкамлаш, шунингдек ҳимоя, соқчи постлари, хавфдан огоҳ этувчи постлар ташкил этилади. Лекин ушбу ҳаракатлар катта ҳарбий тажрибага эга бўлган Амир Темурнинг ҳужум ва тўсатдан зарба бериш имкониятларини чеклай олмас эди[10]. Ташқи томондан қараганда Хитой устига ҳарбий юриш қилиш билан боғлиқ тайёргарлик анча олдин тугалланган. Лекин 1399 йил Амир Темурнинг яқин иттифоқчиси Хизр Хўжахон вафот этиб, Мўғулистонда яна Қамариддин ҳокимиятни эгаллайди. Бу вақтда Амир Темур Тоғли Қорабоғда бўлиб, Фарғонада унинг набираси Мирзо Искандар ҳоким эди. Мирзо Искандар Шарқий Туркистонга ҳужум қилиб, бу ердаги Оқсу шаҳрини эгаллайди. Маҳаллий аҳоли оммавий қирғиндан қўрқиб, Оқсудаги хитойликларни Фарғона ҳокимига тутиб берадилар[11]. Европанинг ўша даврда қудратли давлатларидан бири бўлган Испания мамлакати элчиси Руи Гонсалес де Клавихо 1404 йилда Амир Темур давлати пойтахтида эди. У Хитой элчиси билан бўлган ўзаро мулоқоти ҳақида ёзиб, қуйидаги маълумотларни келтиради. Унинг ёзишича хитойлик элчи ўз мамлакати ҳарбий қудрати ҳақида гапириб, Хитойда отлиқ аскарлар сони 400 минг нафар бўлганлигини айтади. Жангчилар учун уларда отлар етишмаслигини билдириб, Хитой ҳарбийларидан отда юришга фақат мингбоши лавозимидагилар ҳақли тарзидаги маълумотларни берган. Элчининг таъкидича бундай ҳуқуққа эга бўлганлар Хитойда жуда кўп эмиш. Элчининг ушбу фикрларини ўз мушоҳадасидан ўтказиб, де Клавихо Хитой дипломати муболаға билан ўз мамлакати қудратини ошириб кўрсатмоқда деб ёзади[12]. Қуйидаги далиллар шуни кўрсатадики, хитойлик элчининг сўзларида у қадар муболаға бўлмаган. Мамлакатда ҳарбий ислоҳотлар ўтказилганидан кейин Хитой қисқа вақтда 2 млнли мунтазам қўшин тўпласа, ушбу ҳисобга жойлардаги ҳарбий-маъмурий раҳбар губернаторларнинг қудратини қўшиб ҳисобласак, элчининг гапларида бир қадар ҳақиқат мавжудлиги аён бўлади. Хулоса қилиб айтганда Амир Темурнинг Хитойга қилган 1404 йилдаги ҳарбий юриши узоқ вақт давомида режалаштирилган ва пухта тайёрланган ҳаракат бўлиб, бу режа соҳибқироннинг ҳарбий юриш бошланган давридаёқ вафот этиши туфайли амалга ошмай қолди. Шунинг учун тарих фани тадқиқотчилари ва темуршунос олимлар орасида Амир Темур сўнгги ҳарбий сафарида ғалаба қозона олармиди, ёки йўқми? - деган мунозара ҳамон давом этиб келади. Нима бўлганда ҳам 70 ёшга етган соҳибқирон Амир Темурнинг йирик ҳарбий юришга юрагида журъат топиши ва катта қўшинга йўлбошчи бўлиб сафарга чиқиши бугунги авлод учун журъат ва жасорат намунасидир.
ФЎЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
1. Зоотов О.В. Китай и восточный Туркистан в XV-XVIII вв. // Межгосударственные отношения. М.: 1991й.
2. Бокшанин А.А. Китай и страны южных морей в начале XIV-XVI вв. М.: 1968 й.
3. Темур тузуклари. Т.: 1991й.
4. Низомиддин Шомий. “Зафарнома”. Т.: 1996 й.
5. Бартольд В.В. Улуғбек и его время. Сочинения. Том 2. М.: 1964 й.
6. Зоотов О.В. Китай и восточный Туркистан в XV-XVIII вв. Межгосударственные отношения. М.: 1991й.
7. Бартольд В.В. Очерк истории Семиречья. Сочинения. Том 2. М.:1965 й.
8. Материалы по истории Средней и Центральной Азии. Т.: 1988 й.
9. Амир Темур Европа элчилари нигоҳида. Т.: 2007 й.
[1] Зоотов О.В. Китай и восточный Туркистан в XV-XVIII вв. // Межгосударственные отношения. М.: 1991. С. 64.
[2] Бокшанин А.А. Китай и страны южных морей в начале XIV-XVI вв. М.: 1968. С. 121.
[3] Темур тузуклари. Т.: 1991. 53-бет.
[4] Низомиддин Шомий. “Зафарнома”. Т.: 1996. 278-бет.
[5] Бартольд В.В. Улуғбек и его время. Сочинения. Том 2. М.: 1964. С. 68.
* Рекрут – доимий қўшинда умр бўйи ёки белгиланган узоқ муддатли ҳарбий хизмат ўташ тартиби бўлиб, масалан, Россияда ушбу муддат 25 йил қилиб белгиланган.
[6] Зоотов О.В. Китай и восточный Туркистан в XV-XVIII вв. Межгосударственные отношения. М.: 1991. С. 61.
[7] Ўша асар. 96-бет.
[8] Бартольд В.В. Очерк истории Семиречья. Сочинения. Том 2. М.: 1965. С. 30.
[9] Материалы по истории Средней и Центральной Азии. Т.: 1988. С. 158.
[10] Бартольд В.В. Очерк истории Семиречья. Сочинения. Том 2. М.: 1965. С. 69-72.
[11] Низомиддин Шомий. “Зафарнома”. Т.: 1992. 278-бет.
[12] Қаранг. Амир Темур Европа элчилари нигоҳида. Т.: 2007. 144-бет.
![]() | ![]() |
published year: 2020 ,
post date: 2020 yil 8 iyul